Кайсар кизнинг касоси (Т-Т танловига)4-кисм
У уйига кириб бориши билан
бутун оила аъзолари
йиғилишиб, унга қарши
найзаларини шай қилиб
туришганини кўрди. Ҳужумни
одатдагидек ойиси бошлади:
— Сени бундай тарбия қилмай
мен ўлай! Тун бўйи қайси
гўрларда қолиб кетдинг,
уятсиз. Мени, дадангни,
акаларингнинг шаънини
ўйламадингми, шарманда.
Наҳотки авлодимиздан кўча
қизи чиқаётган бўлса! Гапир,
беномус!
— Бердисини айтгунимча
ўлдирмай туринг, ойи! Кеча
клубдан дугоналарим билан
чиқиб, таксига ўтирдик.
Дастлаб уларни ётоқхонасига
элтиб қўймоқчи бўлдик. Такси
нақ ётоқхона олдига етганида,
ғилдираги чиқиб кетиб, ариқ
ичига ағнаб кетди. Рост гапим,
ҳеч кимга ҳеч нарса қилмади.
Фақат уёқ-буёғимиз сал
шилинди холос. Кейин, жуда
кеч бўлиб қолганлиги учун
қизлар билан ётоқхонада
қолдим. Сизларга телефон
қилиб қўяй десам, бирорта
телефон ишламас экан. Мана,
соппа-соғман. Ана энди
ўлдираверинг, ойи.
— Вой мен ўлай, туни билан
нима хаёлларга бордим-а, қизи
тушмагур! Ҳозир келиб
қолмаганингда, эндигина
милицияга хабар бермоқчи
эдик. Хайрият, худо бир
сақлабди. Аммо қизим, бўй
етган қизсан. Номинг ёмон
отлиққа чиқса, биз ота-
оналаринг, акаларинг бундай
номусга, шармандаликка
қандай чидаймиз? Шу сабаб
бугундан бошлаб ўқишингга
борасан, уйга қайтасан. Ҳеч
қандай дискотека, тунги
клубларга бормайсан, гап
тамом!
— Агар бирор қалтис қадам
ташлаганингни сезсам,
ўлдириб ташлайман, — гапга
аралашди кенжа акаси.
— Рост айтасиз ойи,
бунингизни тезроқ эрга бериб
қутилмасангиз, тез орада кўча
қизига айланади, — дашном
берди ўртанча акаси.
— Кўрдингизми, бунингизга
ўша дискотекага бориб
йигитларнинг бўйнига осилиб,
қийшанглаш ёқиб қолган. Тез
орада уйга икки кунлаб, кейин,
бутунлай келмай қўяди. Мана
мени айтди дерсиз, кейин
уйимизга бирорта совчи қадам
ҳам босмайди. Кўча-кўйда
кўрганлар бизларга «ана,
ҳалиги бузуқ қизнинг акаси!»
дея қўлларини бигиз қилиб
кўрсатишади Агар, иш шу
даражага етса, сени ўзим
ўлдириб, қамоқда чириб
кетганим яхши, билиб қўй, ҳой
қиз! — алангаланди яна кенжа
акаси.
— Кеча келган совчиларга рози
бўлишингиз керак эди, ойи, —
гап қўшди шу пайтгача ўйчан
ўтирган катта акаси.
— Яна келишса, рози бўлганим
бўлсин.
Хуллас тарбиявий соат ярим
соатларга чўзилди.
— Қизишманглар, болаларим.
ўзларингни босинглар, —
вазминлик билан гап бошлади
дадаси.
— Сен ҳам таънангга ўйлаб кўр
қизим. Тун бўйи йўқолиб
кетганинг бизларни қандай
тахликага солиб қўйганини
ўйлаб кўр. Қолаверса, ёшинг
ҳам йигирмага етди, энди катта
қиз бўлдинг. Ҳаётга, турмушга
ақл, мулоҳаза билан
ёндашадиган ёшга кирдинг.
Энди болалик одатларингни
ташла, ўйин–кулгу ҳам вақти
билан... Ўқийман дединг, мана
ўқияпсан. Келажакда зўр
доришунос бўлишлигингни
ўйла. Ота-онангнинг,
акаларингнинг шаънига доғ
туширмайдиган, ақлли,
мақсадли, самимий инсон
бўлишингни ўйла. Кечаги
қилиғинг билан бизни ёмон
аҳволга солиб қўйганингни
ўйла. Ё совчиларга розилик
бериб юбораверайликми! Нима
дединг, гапир қизим?
— Ҳамма гапларингиз тўғри.
Бугундан бошлаб аввалги
ўйинқароқ қизингиз йўқ деб
ҳисоблайверинг. Энди ўқишга
бораман, уйга қайтаман,
дискотека ва тунги клубларни
елкамнинг чуқури кўрсин,
гапим — гап. Сизларнинг
юзингизни ҳеч қачон ерга
қаратмайман. Бу гапим ҳам
гап. Турмушга чиқиш
масаласини уч йилдан кейин,
ўқишим битгач гаплашамиз.
Келишдикми? Қорним очиб
кетди, ойи, нонуштага ўтира
қолайлик!
Отаси ҳам, онаси ҳам унинг
болаларча софдиллигидан,
самимийлигидан, бир
сўзлигидан завқланиб, эркалаб
севишарди. Бу сафар ҳам улар
қизининг ҳамма сўзлари чин
дилдан айтилганлигига
ишонишиб, унга ўйчан
тикилганича бошларини
чайқашди. Акалари
ҳўмрайганларича қўл
силташиб, дастурхон атрофига
бориб ўтиришди..
* * *
Ўша куни кечаси Дилшода тун
бўйи мижжа қоқмади. У ота-
онасига, акаларига берган
ваъдалари чин дилдан
эканлигига ўзи ҳам ишонарди.
Ростдан ҳам табиатидаги
ўйинқароқлик, шўхлик,
ўйламасдан иш қилишлик,
бошига шу кулфатни
солмадими?
(Давоми бор)