Кайсар кизнинг касоси (Т-Т танловига)2-кисм
«Кўза кунда эмас, кунида
синади» деганлари тўғри
чиқди. Ўзига ишонган, «ҳаётда
ҳеч ким ўз-ўзидан бировга
ёмонликни раво кўрмайди» —
деган ишонч билан улғайган,
оилада уч ўғилдан кейин улар
сингари эркин, сўзидан
қайтмайдиган, хавф-хатар
олдида ўзини йўқотиб
қўймайдиган бўлиб вояга
етган, эндигина йигирма ёшга
тўлаётган, ҳамма курсдошлари
уни ўғил бола сингари Дилшод
деб чақирадиган мағрур,
шаддод, шўх ва эркатой бу
қизнинг бир тунда бутун
ҳаётга, одамларга бўлган
ишончи чил-чил синди.
Тонг ёришар палласи
жунжикиб ўзига келган қиз
икки виждонсиз йигитнинг
ваҳшийларча ўзининг
номусини топтаганини эслади.
Бийдай тепаликларда тун бўйи
ёлғиз, беҳуш ҳолда ётганини
ҳис қилиб, атроф
тепаликларга, харсанг тошларга
ваҳима билан аланглади.
Атрофда сочилиб ётган
шимини, футболкасини кўрди-
да, яланғоч ҳолда ётганидан
уялиб кетиб, кийиниб олди.
Кейин, умрида илк маротаба
ҳаётда инсон боласини шу
кўйларга соладиган шундай
бераҳм, виждонсиз, жирканч
одамлар ҳам бор экан-да, деган
хулосага келиб, аламидан
йиғлай бошлади.
«Энди нима қиламан? Тун
бўйи қаерда қолганимни,
бошимга бундай кулфат
тушганини, икки йиртқич
ҳайвон номус-оримни оёқ ости
қилганлигини уйдагиларга
қандай тушунтираман? Нега
шилқим Шавкатнинг
илтифотини рад қилдим? Агар
у кузатиб қўйганида бу ҳолга
тушмасдим? Энди акаларим
менга қандай кўз билан
қарайди? Бу жирканч ҳаётда
қандай яшайман? Мен энди ит
текканман! Энди ҳеч кимга
керак эмасман!».
Хаёлига келаётган бундай
саволларга жавоб топишга
қурби етмас, фақат «бундай
ҳаётдан воз кечиш керак!» —
деган фикр миясини
пармаларди. У баланд қоя
тепасига чиқиб, ўзини
жарликка ташлашга аҳд қилди.
Қояга тирмашиб чиқиб атрофга
назар ташлади. Қоя ости
саёздек туюлиб, бундай
баландликдан ўзини ташласа,
бор-йўғи оёқ-қўллари синиб,
ўлмай, чалажон бўлиб
қолишини ҳис қилди. Кейин,
ўзини қоя остидаги харсанг
тошлар орасида чалажон бўлиб,
инграб ётганлигини тасаввур
қилиб, жунжикиб кетди. Уни
шундай ҳолда топиб олишса,
ўзи ҳақида барибир ёмон
гаплар тарқалишини ўйлаб, бу
фикридан қайтди. «Бу ҳаётдан
изсиз ғойиб бўлишим керак.
Менга нима бўлганини ҳеч ким
билмаслиги. Одамлар «Номус-
ори топталиб ўлдирилибди! —
дейишларини истамайман!»
Ёришиб келаётган тонг
ёғдусида қоя устида атрофга
аланглаб, узоқларда оқаётган
Зарафшон дарёсига кўзи
тушиб, миясига янги фикр
келди: «Ўлигимни ҳеч ким
топа олмайдиган қилиб
ўзимни чўктираман. Бу бир
лаҳзалик, осонгина ўлим
бўлади!»
У дарё сари кета бошлади. Қир-
адирлардан ошиб, катта
трассага чиқиб олди. Зарафшон
дарёсини у ҳеч қачон
кўрмаганди. Дарё пишқириб,
ҳайқириб оқса керак, деб
ўйларди. Дарёга етиб келиб
унинг тизза баробар, ирмоқ-
ирмоқ бўлиб оқаётган узанини
кезиб, ўзини кўмиб, йўқ қилиб
юборадиган ёки оқизиб
кетадиган жойини топишга
интилди. Изланишлари зое
кетаётганини сезиб, ҳафсаласи
пир бўлди. Тошлоқ оролчага
чиқиб, ҳолсиз чўзилиб,
кўзларини юмди. Ниҳоятда
толиқиб қолганлиги учун
қанча ухлаганини билмади.
Қуёш майин нурлари билан
жуссасини илита бошлаганидан
уйғонди. У бошини кўтариб
атрофга аланглади: дарё
ўзанининг икки соҳили кўм-
кўк дарахтлар билан
қопланган, ўртадан ирмоқларга
бўлиниб оқаётган дарё қуёш
нурларидан ойна каби
ялтирайди. Аллақаердан жийда
гулининг муаттар ифори
анқийди. У уст-бошига разм
солди: тупроққа чўмилган
товуқ мисол бўлибди, ўғил
болачасига қилиб калта
қирқилган сочларига хашаклар
илашиб қолибди. Қўлларининг
тирсаги, оёқларининг
тиззалари қирилган. У
беҳолгина ўрнидан туриб
эгнини қоқди. Кейин ўзига
юқиб қолган тунги
қароқчиларнинг жирканч
жинояти изларини бутунлай
ювиб ташламоқчидек, уст-
бошларини ечиб, ҳафсала
билан ювина бошлади.
Муздеккина ёқимли сув тетик
торттирди. Яқиндагина
кўнглига туккан қароридан
қўрқиб кетиб, ҳаётга,
тирикликка чанқоқ кўз билан
қарай бошлади. «Йўқ, мен
ўлмайман, ўлмаслигим керак.
Ўша икки лаънатини топиб,
қилган ишларига минг бир
пушаймон қилдирмагунимча
ўлмаслигим керак! Ҳа, уларни
шундай жазолайки, иккинчи
бор бирор аёл зотига бундай
жирканч ишни қила
олмайдиган бўлсин!»
У апил-тапил кийиниб,
фикрини пишитиб олиш учун
яна аввал ётган жойига бориб
чўзилди. «Қадимда подшоҳлар
ўз ҳарамидаги хизматкор
эркакларни аёлларга кўз
олайтирмасликлари учун бичиб
қўйишган, аёлларга нисбатан
тажовузкорлик қилган
эркакларни ҳам шундай
жазолашган. Собиқ иттифоқ
даврида тўрт йиллаб хизмат
қилган денгизчи аскарларнинг
таомларига атайлаб дори
қўшишиб, шаҳвоний
эҳтиросларини жиловлаганини
эшитганди. Биринчи йўл
бундай эркаклар учун адолатли
жазо усули бўлсаям, буни
анаву лаънатиларга нисбатан
қўллашнинг иложи йўқ. Тўхта,
тўхта, ахир доришунослик
факультетида ўқияпман-ку!
Мен шундай бир дори кашф
қилайки, бу зўравонлик билан
аёллар иффатига чанг
соладиган ҳайвонсифат
эркакларни бир умр эркаклик
бахтидан маҳрум қилиб
қўйсин! Демак, биринчи
навбатда ўша дорини кашф
қилишим, кейин тунги
ярамасларни қаерда
яшашлигини ва ишлашлигини
аниқлашим керак.
Давоми бор...